АҚШ президенти Барак Обама томонидан 2016 йилга мўлжалланган мудофаа бюджетига вето қўйилганига қарамасдан, Украинага Америка томонидан ҳарбий ва бошқа ёрдамларнинг кўрсатилиши давом этади, дейилади АҚШнинг Украинадаги элчихонаси хабарида.

“Ҳаттоки, 2016 йилга мўлжалланган бюджет тўғрисидаги қонун тасдиқланмаган тақдирда ҳам, Украинага ҳарбий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилади. Бундай ҳолда узайтириш резолюцияси деб номланган тартиб ишга туширилиб, 2015 йилги бюджетдан қолиб кетган молиявий харажатлар ҳажми келгуси йилга ўтказилади”, - дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ эса АҚШ президенти Барак Обама мамлакатнинг 2016 йилдаги мудофаа бюджетига расман вето қўйгани хабар қилинган эди. Мазкур қонун лойиҳасида, жумладан, Украинага ҳарбий ва разведка соҳасида 300 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак кўрсатиш ҳам назарда тутилган.