Forbes нашри 2015 йилдаги энг омадли комедия актёрлари рейтингини ошкор қилди. «Сайнфелд» ва «Сайнфелд дўстлари билан кофе излашда» телесериаллари орқали машҳур бўлган америкалик стендап-комик Жерри Сайнфелд мазкур рўйхатнинг биринчи поғонасидан ўрин эгаллади.

Актёр 2014 йил июнь ойидан 2015 йил июнига қадар 36 миллион доллар ишлаб топган.
Сайнфелд, шунингдек, CelebrityNetWorth томонидан тузилган дунёнинг энг бой комик актёрлари рейтингида ҳам биринчи ўринда тилга олиниб, унинг ҳолати 800 миллион доллар деб баҳоланди.

Forbes рейтингида икки ўринда америкалик актёр, “Энг қўрқинчли кино 3” ва “Эркаклардек фикрла” фильмлари орқали машҳур бўлган Кевин Харт қайд этилди. Бир йил давомида у 28,5 миллион доллар ишлаб топди. Учинчи ўринни техаслик қизиқчи, пародиячи ва қўшиқчи Терри Фейтор эгаллади.

Бу давр ичида у ўз қўғирчоқлари билан томошалар уюштириб, 21,5 миллион доллар даромад кўрган.Forbes ўнталигидан бир йиллик даромади 19 миллион доллар бўлган Рассел Питерс, Луи Си Кей (9 млн) ва Дэвид Шапелл (7,5 млн) ҳам ўрин эгаллади.

Forbes маълумотига кўра энг кўп маош оладиган киноактёр сифатида кичик Роберт Дауни (йиллик даромади 80 миллион доллар), киноактрисалар қаторида эса Женнифер Лоуренс (52 млн) қайд этилган.