Бутун Франция 43 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳалокатли ЙТҲ туфайли мотам тутмоқда. Мамлакат бош вазири Мануэль Вальс шундай сўзлар билан чиқиш қилди.

У воқеа юз берган ҳудудга, Пюиссеген шаҳрига шахсан етиб келган.

"Бу жуда даҳшатли мусибат бўлди. Ўнлаб йиллардан буён Франция бундай ҳодисага гувоҳ бўлмаганди. Бугун бутун Франция ва французлар азадор", дейди вазир ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қила туриб.

Айни вақтда Пюиссегенда ва атрофдаги шаҳарларда мотамсаро кайфият ҳукмрон бўлиб турибди. Шаҳарлар кўчаларида байроқлар туширилган, ҳар тарафга мотам ленталари осилган. Парижда ҳам, Миллий мажлис депутатлари марҳумлар хотираси учун 1 дақиқа сукут сақлаш маросимини ўтказишди.

Таъкидлаш керакки, бу воқеа муносабати билан мамлакатда умуммиллий мотам эълон қилинмади. Умуммиллий мотам алоҳида ҳоллардагина эълон қилинади. Францияда бешинчи республика даврида 7 марта умуммиллий мотам эълон қилинган бўлиб, охиргиси 2015 йилнинг январида "Charlie Hebdo воқеалари" туфайли бўлиб ўтганди.

43 кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ бугун тонгда, маҳаллий вақт билан соат 7:30 да мамлакат жануби-ғарбидаги Либурн шаҳрининг чекка қисмида содир бўлди. Автобус ва юк машинаси олд қисми билан тўқнашиб кетди ва ёнғин чиқди.

Бу экскурсия автобуси бўлиб, унда нафақадаги кишилар кетаётган бўлган. Шунингдек, автобус билан тўқнашган юк машинаси ҳайдовчиси ва унинг ўғли ҳалок бўлган. Автобусдаги 49 кишидан 8 киши омон қолган.

Таъкидланишича, бу 1982 йилдан буён Франциядаги энг йирик йўл-транспорт ҳодисаси бўлди. 1982 йилнинг 31 июлида Бургундияда юз берган автобус ҳалокати оқибатида 53 киши ҳалок бўлган эди.

Ҳозирда Грецияда давлат ташрифи билан бўлиб турган президент Франсуа Олланд «бу даҳшатли фожиа»дан сўнг ҳукумат барча зарур ҳаракатларни амалга оширишини маълум қилган.