Кремль кубоги. Истомин 2 соат давом этган баҳсда турнирнинг 1-ракеткасига ютқазди

Спорт 23 Октябрь 2015 1409

Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида давом этаётган теннис бўйича “Кремль Кубоги” турниридаги иштирокини якунлади. У яккалик баҳсларининг иккинчи даврасида мағлубиятга учради.

Мукофот жамғармаси 771 525 АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақанинг чорак финалига йўлланма берувчи баҳсда Истомин турнирнинг амалдаги чемпиони ва мусобақанинг биринчи ракеткаси Марин Чиличга қарши кортга чиқди. Хорватиялик теннисчи иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлаганди.

Икки соату икки дақиқа давом этган мураккаб баҳсда тажрибали ҳисобланган Чилич 7:6 (3), 3:6, 6:3 ҳисобида зафар қучди. Учрашув давомида Марин 9та, Истомин эса 4та эйс зарбасини амалга оширди. Икки теннисчи ўртасидаги ўзаро учрашувлар ҳисоби 5:1га етди, табиийки хорватиялик ракетка устаси фойдасига.

Эслатиб ўтамиз, “Кремль Кубоги-2015” ғолиби 127 минг доллар мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади. Финалчи эса 66 900 доллар ва 150 рейтинг очкоси билан тақдирланади.

Кўпроқ янгиликлар