Малайзиянинг кўпчилик штатларида қўшни Индонезиядаги ўрмон ёнғинларидан тарқалаётган тутунлар туфайли экологик вазиятнинг ёмонлашиши сабабли бир ҳафта олдин ёпиб қўйилган мактаблар яна очилди. Бироқ, мамлакат таълим вазирлигининг маълум қилишича, баъзи штатларда таълим муассасалари ҳали ҳам ишламаяпти.  

Барча мактабларга очиқ ҳавода дарс ўтишни тўхтатиш ҳамда ўқувчилар тутунга қарши махсус ниқоблар тақиб юришларини назорат қилиш тавсия қилинди.

Индонезия тарихидаги ўрмон ёнғинларини ўчириш бўйича энг йирик операция ўтказилаётганига қарамасдан, аланга янги ҳудудларга ёйилмоқда. Операцияда 20 мингдан кўпроқ одам иштирок этмоқда, бир қатор давлатлардан, шу жумладан Россиядан келтирилган махсус техникадан фойдаланилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, кучли ва давомли ёғингарчиликсиз қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари тегишли самара бермайди. 

Охирги кунларда Таиланднинг жанубий туманлари аҳолиси кучли тутунланганликни ҳис қилмоқда, Малайзиянинг бир қатор штатлари аэропортлари кўриш даражаси пасайиб кетгани сабабли узилишлар билан ишламоқда. Мисол учун, сайёҳлар орасида машҳур Лангкави архипелагида деярли икки кун ҳаво алоқаси тўхтатиб қўйилди, оқибатда аэропортда парвозларни кутаётган 3 мингдан кўпроқ одам тўпланиб қолган.

Индонезиянинг Калимантан ва Суматра оролларидаги кучли ёнғинларга маҳаллий фермерлар ва кичик корхоналарнинг хатти-ҳаракатлари асосий сабаб бўлмоқда. Улар шу тариқа хўжалик фаолияти учун янги ҳудудлар очишмоқда. Бундай қоидабузарликлар жиноий тақиб қилиниши ва катта жарима солинишига қарамасдан, йилдан-йилга давом этиб келмоқда.