Мексика полицияси АҚШга гиёҳванд моддалар етказиладиган туннелни аниқлади

Жаҳон 23 Октябрь 2015 2695

Мексика федерал полицияси Тихуана шаҳрида АҚШнинг Сан-Диего шаҳрига гиёҳванд моддалар яширинча тарзда етказилган туннелни аниқлади. 22 октябрда Мексика Миллий хавфсизлик комиссияси маълум қилгандек, узунлиги 800 метр бўлган ер ости йўли Гарита-де-Отай туманидаги омборда жойлашган бўлган.

Омборда юк машиналари ва пикапларнинг катта қатнови полиция ходимларининг эътиборини тортган. Полициячилар бирорта ҳам ўқ узмай тақиқланган моддалар контрабандаси билан шуғулланган 16 кишини қўлга олишга ҳамда умумий вазни 10 тонна бўлган 870 қоп марихуанани мусодара қилишга муваффақ бўлди. Аниқланишича, жиноятчилар туннелни пухта қуришган: туннел деворлари металл балкалар билан мустаҳкамланган, ҳаво айланиш ва ёритиш тизимлари билан жиҳозланган бўлган. Бундан ташқари, туннелда оғир юкларни платформаларда ташиш учун рельслар ҳам бўлган.

АҚШ чегарасида гиёҳванд моддаларни етказиш учун туннеллар қуриш Мексикадаги йирик наркокартеллардан бири бўлган “Синалоа”га хосдир. Наркокартел бошлиғи, “Пакана” лақабли Хоакин Гусман 12 июлга ўтар кечаси Мехико штатидаги қаттиқ тартибдаги “Альтиплано” қамоқхонасидан қочиб кетишга муваффақ бўлган эди. Жиноятчи ўз камерасидан 1,5 км лик туннел орқали қочиб кетган.

Айни пайтда прокуратура Мексикадаги энг нуфузли жиноятчилардан бирининг қочиши иши бўйича бир неча кишини, жумладан қочиш ташкилотчилари ҳамда қамоқхонанинг собиқ директорини ҳибсга олди. Октябрь ўрталарида Мексика ҳарбий-денгиз флотининг махсус бўлинмаси Гусманни Дуранго ва Синалоа штатларида қидираётгани маълум бўлди. 16 октябрда чоп этилган ахборотга кўра, наркобарон тақибдан қочиш пайтида жароҳат олган.

Кўпроқ янгиликлар