АҚШ президентлигига номзодлардан бири Дональд Трамп америкалик мусулмонларнинг ғазабини келтирмоқда. The New York Times нашрида ёзилишича, у мамлакат ҳудудидаги барча масжидларнинг ёпилиши бўйича таклифларни қўллаб-қувватлайди.

У Fox Business Network каналига берган интервьюсида "АҚШда ИШИДга қарши самарали кураш олиб борилиши учун масжидлар ёпилиши керакми?" қабилидаги саволга тасдиқ жавобини қайтарган.

"Мен албатта шундай қилиниши керак деб ҳисоблайман", дейди сиёсатчи.

Унинг қўшимча қилишича, бундай чора қўллаш АҚШ қонунчилигига зид эмас ва ҳукумат шундай вариантни кўриб чиқиши керак.

Ўз навбатида унинг бу қарашлари эътиқод эркинлигига зид экани айтилмоқда.

"Трамп ўз суллоҳлиги билан масжидларни ёпиш фикрини билдирмоқда. Унинг бу қарашлари Конститутцияга ва диний эътиқод эркинлигига зиддир", дейди Америка мусулмонлари кенгаши вакили Роберт Маккау.

Қайд этилишича, бу Трамп томонидан биринчи марта мусулмонларнинг ҳамиятига тегилиши эмас.

"Бизнинг мамлакатимизда бир муаммо бор. Бу мусулмонлар муаммосидир", деганди у ўтган ойдаги чиқишларидан бирида.

Шунингдек, у бошқа бир чиқишида "мусулмонларни ёқтиришини, унингча мусулмонлар гўзал одамлар ҳисобланишини" айтиб ўтганди.