ИШИД террорчилик гуруҳи Сурия ва Ироқда босиб олган ҳудудлардаги нефть конларидан ойига 40-50 млн доллар даромад олмоқда. Бу ҳақда “Тасс” агентлиги маълум қилди.

“ИШИД Сурия ва Ироқдаги нефть конларидан олинган нефтни ноқонуний сотишдан ойига 50 млн доллар даромад олади ва шу тариқа бу давлатларни талайди. Бундай маълумотларни Ироқ разведкаси ва АҚШнинг бир қатор мансабдор шахслари келтирмоқда”, деб айтилмоқда агентлик томонидан чоп этилган шарҳда.

“Айнан нефть экстремистларнинг асосий ва мунтазам даромад манбаига айланган ва уларга ўзлари эълон қилган “ҳалифаликда” ҳокимиятни ушлаб туришга имкон беради. Нефть сотишдан олинган пуллар “жангариларни рағбатлантиришга” ҳамда террорчилар учун зарур бўлган саноат инфратузилмаларини тиклаш учун сарфланади. ИШИД нефтдан олинган пулларга хориждан зарур ускуналар ва мутахассисларни олиб келишга ҳам муваффақ бўлган.

“Тасним”нинг ёзишича, нефтнинг ҳозирдаги ўртача расмий нархи 50 долларни ташкил қилган вақтда ИШИД нефтнинг бир баррелини контрабандачиларга 10 доллардан 35 долларгача нархда сотмоқда.

Ироқ махсус хизматларининг баҳолашича, ИШИД кунига 30 минг баррель нефть олади.

Жангарилар бу миқдордан 10-20 минг баррелини Ироқда, қолганини Сурияда олади. Сурияда жангарилар 250 дан кўпроқ нефть қудуғини назорат қилади, улардан 161 таси ишчи ҳолатда.

22 октябрда Эрон мажлиси спикери Али Ларижаний Сочида “Валдай” халқаро музокара клубидаги нутқида ҳозирда ИШИДнинг умумий бойлиги 30 млрд долларга баҳоланаётганини айтиб ўтди.