Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Шиндзо Абэ 2015 йил 24-26 октябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.
Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалаларни, минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича томонларнинг Қўшма баёноти қабул қилиниши, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа кўплаб ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.
“Жаҳон” ахборот агентлигининг маълум қилишича, Япония Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот доирасида ривожланиб бормоқда.

Олий даражадаги самарали сиёсий мулоқот ўзаро ҳамкорликнинг мувафаққиятли тараққиёти учун замин яратади. Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил феврал ойида Японияга қилган расмий ташрифи ўзбек-япон муносабатларига катта туртки бергани ҳолда янги амалий мазмун билан бойитди. Ташриф якунида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи ҳужжатлар тўплами имзоланди. Бугунги кунда икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 140 дан зиёд ҳужжатлар ташкил қилади.

Халқаро ташкилотлар ва институтлар доирасида ҳам конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига Япония номзодини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўз навбатида, расмий Токио Тошкентнинг халқаро ташаббусларини маъқулламоқда.
Япония мамлакатимизнинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2014 йилда ўзаро товар айланмаси қарийб 190 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бироқ мазкур кўрсаткичлар икки давлат ўртасидаги мавжуд салоҳиятни тўла акс эттирмайди.

Бугун Япония Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик сармоя киритадиган мамлакатлардан бири саналади. Нефт-газ саноати, транспорт сектори, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги устувор лойиҳалар ижроси учун ажратилган жами молиявий маблағлар миқдори 3,4 миллиард АҚШ долларидан ошади.
2009 йил 24 сентябрда кучга кирган “Сармояларни либераллаштириш, ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги ҳукуматлараро битим Япония компанияларининг Ўзбекистонга қизиқишини янада кучайтириш баробарида ўзбекистонлик шериклар билан узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган мустаҳкам алоқалар ўрнатишга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараёнда 1994-йилда тузилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталари муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилнинг январ ойида Токио шаҳрида ўтказилган мазкур тузилмаларнинг ХИИ қўшма йиғилиши якунига кўра, умумий қиймати 3,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган сармоявий, кредит битимлари ва техник кўмак лойиҳалари тўплами имзоланди.