Россиялик журналист Максим Переверзев Инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бирининг Ўзбекистондаги агентининг фаолияти юзасидан кичик текширув олиб борди. Унинг текширувлари натижаси «Webantenne.com» сайтида чоп этилди.

"Дарё.уз" нашрининг ёзишича, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи Дмитрий Тихонов ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари Front Line Defenders (Ирландия) ва Cotton Campaign (АҚШ)нинг агенти бўлиб иш бошлади.

Тихонов ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти бўйича ташкилотга бир қанча материалларни тақдим этди. Ташкилот ҳисоботларда кўрсатилган фактлар ва харажатларнинг қанчалик тўғри эканлиги юзасидан фикр билдириши учун Максим Переверзевга мурожаат қилди. Кўп марта Тошкентга келган ва бу шаҳарда кўплаб дўстлари бўлган россиялик журналист ҳисобот ҳужжатларида келтирилган фактлар бўйича ўз фикрларини 4 қисмга бўлган ҳолда билдирди.

1. Уй ижараси. Харажатлар ҳисоботида Дмитрий Тихонов Тошкентнинг Сирғали туманида 1,5 ой яшаш учун 450 доллар сарфлаганини қайд этган ва уй соҳибасининг тилхатини илова қилган.

Тилхатда уй соҳибаси ўз квартирасини Дмитрий Тихоновга 20 апрелдан 7 июлгача ижарага бергани учун 450 АҚШ доллари олганини ёзган. Журналист Сирғали туманида қисқа муддатга ижарага квартира олиш 100 доллардан ошмаслигини қайд этган.

2. Ижарага олинган машина. Ҳисоботда ҳуқуқ ҳимоячиси «Волга ГАЗ-21» машинасини икки ҳафтага ижарага олгани учун 500 доллар тўлагани айтилган ва автомобиль эгасининг тилхати илова қилинган.

«Тошкентда (республиканинг энг қиммат шаҳрида) шаҳарнинг у четидан бу четига боориш 1—2 доллар туради. Вилоятларда, шу жумладан, Ангренда ҳам нархлар анча арзон. Икки ҳафта учун 500 доллар — бу ҳаддан ташқари юқори».

3. Тихонов потенциал ҳомийларга «Ўзбекистон янгиликлари» номи остида веб-сайт очиш учун гранд ажратишни таклиф қилади. Ҳисоботда сайт бюджети йилига 75 700 доллар бўлишини келтирган.

«Кунига 2 та хабар жойланадиган (Тихонов шундай ваъда берган) сайтнинг бундай катта бюджети ҳаттоки Россия учун ҳам қойилмақом. Тошкентда бундай харажатлар борлигига Ўзбекистон ҳақида турли бўҳтонларни ўқишни истаган чет эллик донорлар ишонади», — деб ёзади Максим Переверзев.

4. Тихонов ўз иш берувчиларига Ўзбекистондаги фаолиятига бағишланган ҳисоботдаги маълумотлар ҳам шубҳа уйғотади. У ўтказган текширувлари натижасида республикада пахта териш учун ўқувчи болалар мажбурланаётгани ҳақида ёзган. Аммо журналист айни вақтда Ўзбекистонда пахта йиғими учун болалар меҳнатидан фойдаланилмаслигини халқаро кузатувчилар ҳам тасдиқлашини таъкидлаган.

Ушбу ҳисоботлар бўйича рус журналисти ўз хулосаларини билдирди.

«Собиқ иттифоқ ҳудудидаги мамлакатларда мазлумлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш истагида бўлган донорларнинг пулларини усталик билан шилишмоқда. Донорлар ва агентлар ўртасида воситачилик қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотларини эса фақат ҳисоботлар ташвишга солади. Агар қоғоздаги ҳисобот тўғри ёзилган ҳамда кўплаб квитанциялар, чеклар ва тилхатлар билан тасдиқланган бўлса, қолган ҳеч нарса аҳамиятга эга эмас», — дейди Максим Переверзев.