Сурия президенти Башар Асад Москва ИШИДга қарши курашда қуролланган Сурия мухолифати билан ҳамкорлик қилишига қарши эмас. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин “Валдай” муҳокама клуби йиғилишида айтиб ўтди.

“Мен Асаддан биз Сурияда террорчиларга, ИШИДга қарши курашга ҳақиқатда жанг қилишга тайёр қуролланган мухолифатни топсак нима дейсиз, деб сўрадим. Сиз бизнинг бу мухолифатнинг террорчиликка қарши саъй-ҳаракатларини Сурия армияси каби қўллаб-қувватлашимизга қандай қарайсиз?, деб сўрадим”, деб айтди Путин.  

Путиннинг айтишича, Асад “Бунга ижобий қарайман”, деб жавоб берган.

Путин Москва “агар имкони бўлса, бу келишувни амалиётга татбиқ қилиш” устида иш олиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, Путин АҚШнинг қуролланган мухолифатга танкка қарши мажмуаларнинг берилишини катта хато деб айтди. “Бу қурол террорчилик ташкилотлари қўлига тушиб қолади деб хавотирдаман”, деб айтди Путин.

“Суриянинг бўлиниши бу энг ёмон, номақбул вариант. Агар Сурияни алоҳида қисмларга бўлса, унда бир-бири билан тўхтамасдан жанг қиладиган алоҳида ҳудудлар пайдо бўлади ва бу ҳеч қандай яхши нарсага олиб келмайди”, деб айтди Путин.

Эслатиб ўтамиз, Путин Башар Асад билан 20 октябрда Москвада учрашди. Томонлар террорчилик гуруҳлари билан кураш, Сурия Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш режалари, Россиянинг Суриядаги операцияси деталлари, икки томонлама ҳамкорлик жиҳатларини муҳокама қилишди.