Муқаддас китоблардаги ёзувларни экстремистик деб тан олинишини тақиқловчи қонун лойиҳаси 23 октябрда Россия Давлат думаси томонидан Нуҳ пайғамбар ўз кемасида сузишни тўхтатган кун сифатида нишонланадиган Ошуро кунида (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) қабул қилинди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

14 октябрда Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Қуръон, Инжил муқаддас китобларидаги матнларни экстремистик деб тан олинишини тақиқловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритган эди. Давлат думаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳасининг матни жуда жўн ёзилган: “Инжил, Қуръон, Танах ва Ганжура, уларнинг мазмуни ва улардан олинган матнлар экстремистик материаллар деб тан олиниши мумкин эмас”.

Бундай қонуннинг қабул қилинишига Жанубий Сахалинск суди ҳаками томонидан “Аллоҳга дуо: унинг исломдаги аҳамияти ва ўрни” деб номланган китобнинг “экстремистик материал” деб тан олиниши туртки бўлди. Шунингдек, ҳакам томонидан Қуръондан олинган парчалар ҳам экстремистик деб аталган. Рамзон Қодиров бунга алоқадор бўлган ҳакам ва прокурорни “шайтон ва фитначилар” деб атаб, уларнинг қарори устидан судга даъво аризаси топширган.

“Муқаддас Ошуро куни тарихий воқеа юз берди! Россия Давлат думаси бир овоздан Қуръон суралари ва оятларини экстремистик деб эълон қилишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Қонун лойиҳаси Давлат думасига Россия президенти Владимир Путин томонидан киритилди! Ватанимизнинг барча мусулмонлари бунинг учун Путинга чексиз миннатдорлар. Ишончим комилки, бу қонун Расулуллоҳ (с.а.в) умматининг юракларида ўз аксини топади. Аллоҳнинг марҳамати билан бу куни Иброҳим алайҳиссалом оловдан қутқарилганлар, Нуҳ алайҳиссалом кемаси қўним топган, Аъюб алайҳиссалом азоб-уқубатли касалликдан фориғ бўлган, Мусо алайҳиссалом ва унинг халқи фиръавн зулмидан қутқарилган. Ва шундай муқаддас кун Владимир Путин қатъиятлик билан Қуръонни эътиқодсиз ва ватанпарвар бўлмаган одамлар тажовузидан ҳимоя қилди. Владимир Владимирович туфайли бизнинг давлатда тенгҳуқуқлик бор, ҳеч ким диний эътиқоди учун тақиб қилинмайди. Бугун бизда юзлаб масжидлар, ҳофизлар мактаблари, мадрасалар бор. Владимир Владимирович Россия исломнинг энг яхши дўсти, деб айтган. У буни амалда исботлади! Бугундан бошлаб мен миллий етакчимиз Владимир Путинга минг чандон кучлироқ вафодор бўламан ва унинг исталган мураккабликдаги буйруғини сўзсиз бажараман!”, деб ўз хурсандчилиги билан бўлишди Рамзон Қодиров.