8 октябрь куни Москвада GM Uzbekistan компанияси томонидан тақдим этилган янги Ravon бренди автомобилларининг нархлари эълон қилинди. Бу ҳақда «Carzone.uz» маълум қилди.

Ravon Nexia R3 модели Chevrolet Aveo биринчи авлодининг қиёфаси ўзгартирилган вариантидир, янги седан хэтчбекдан ўзлаштирилган олд қисми билан фарқ қилади. Янги Nexia’нинг нархи 379 мингдан 529 минг рублгача.

Машина габаритлари: узунлиги – 4330 мм, кенглиги – 1690 мм, баландлиги – 1505 мм, ғилдираклар базаси – 2480 мм. Автомобиль бошланғич комплектациясида гидрокучайтиргич ва кондиционер йўқ. Юкхонаси салондан очилади, туманга қарши фаралари ва орқа чироғи, 14 дюймли ғилдирак дисклари бор. Optimum версиясидан бошлаб битта ўт олдиргич калити ва эшиклар қулфи мавжуд. Elegant комплектациясида эса руль гидрокучайтиргичи, юкхонани ёритувчи чироқча, ягона ўт олдириш калити ва эшиклар қулфи, кондиционер, Clarion CD/MP3 автомагнитоласи, USB улагич, 4 колонка ҳамда бампер кузов рангига бўялган бўлади.

100 км/с тезликка эришиши учун 11,9 сония талаб қилинади, 100 кмга шаҳар ичкарисида ёнилғи сарфи 7,7-8 л.

Жиҳозланиш даражасидан қатъи назар янги Нексия Россия бозорида энг ҳаммабоп автомобиллардан бири бўлиши кутилмоқда.

Ravon бошқа автомобиллари нархини ҳам маълум қилди: Matiz 314 минг рубль ва Gentra 439 минг рубль этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan компанияси 8 октябрь куни Москвада Uz-Daewoo ўрнига келган янги Ravon бренди тақдимотини ўтказган эди.