Россия Федерал миграция хизмати Федерал ғазначилик билан биргаликда меҳнат муҳожирларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи патент учун тўлов амалга оширилганини автоматик идентификациялаш механизмини ишлаб чиқди.

Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ) сайтида қайд қилинишича, бу хорижий фуқаронинг Россия федерациясида қонунан бўлиши муддатини узайтиради.

ФМХнинг таъкидлашича, барча тўланган патентлар ҳақида маълумот ҳар куни янгиланиб туради. “Шу тариқа бу орқали патентга ҳақ тўлангани ҳақида сохта квитанцияларни тақдим қилиш бефойдага айланади”, дейилмоқда ФМХда.

Агар тўлов ҳақидаги маълумотлар ФМХга ўз вақтида тушмаса, унда хорижий фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай қоидабузарларнинг патенти бекор қилиниб, Россияга кириш тақиқлаб қўйилиши ҳам мумкин.

Жорий йилда муҳожирларга ишлаш ҳуқуқини берувчи патентларни сотишдан Россия минтақалари бюджетига қарийб 25 млрд рубль даромад тушган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 1 январдан визасиз тартиб ўрнатилган давлатлардан келган фуқаролар Россияда юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар ҳузурида патент билан ишлашлари белгилаб қўйилди.