Тайван фуқароси бўлган аёл АҚШга йўл олган самолёт бортида кўзи ёригани учун жаримага тортилади. Associated Press хабарига кўра, учувчилар янги туғилган гўдак хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Аляска аэропортларининг бирига ҳаво кемасини қўндиришга мажбур бўлди.

Тайван ОАВлари маълумотига кўра, аёл тахминан 33 минг доллар жарима тўлаши керак. China Airlines авиакомпанияси вакиллари эса суғуртачи ҳисоб-китобларни якунига етказмаганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, аёл ўз фарзандининг АҚШ фуқаролигини олишини истаган ва парвоз вақтида тинимсиз равишда лайнер АҚШ ҳаво кенгликларига кирдими, деб сўрайверган. Аляска ижтимоий хизмат департаменти Сьюзан Морган сўзларига кўра, чақалоқ туғилганидан сўнг самолёт қўнган биринчи аэропорт Америкага тегишли бўлган, демак гўдак АҚШ фуқаролигини олади.