Туркия ҳукумати Туркияга яқин орада яна ўн минглаб янги қочқинлар келишини тахмин қилмоқда. Анқара уларни қабул қилишга тайёр ва қочқинлар сонининг кўпайиши Сурия армияси ва Россия авиациясининг Сурия муҳолифатига қарши ҳаракатлари туфайли содир бўлаётганини таъкидламоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.

“Биз мутахассисларимизни қочқинларнинг янги оқимига тайёрламоқдамиз. Бизда мобиль ошхоналар ва етарлича озиқ-овқат бор”, деб айтди Қизил Яримой халқаро ҳаракатининг Туркиядаги бўлими вице-президенти Керем Киник. Унинг айтишича, Суриядаги гуманитар вазият Россия авиацияси операциясидан кейин янада ёмонлашди. “Ҳалаб вилоятининг жанубий ва шарқий қисмлари аҳолиси азият чекмоқда. 70-80 мингга яқин одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди ва энди хавфсиз жой қидиришга ҳаракат қилмоқда”, деб айтди Киник.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 22 октябрда қочқинларнинг янги оқими келишининг яққол аломатлари кузатилаётганини таъкидлаб ўтди. Эрдўған Сурияда қочқинларни жойлаштириш учун “хавфсизлик ҳудудлари” яратишга яна бир бор чақирди.