Россия Мудофаа вазирлиги 2016 йилда Россия федерал бюджетидан 3,14 трлн рубль, яъни 2016 йилга мўлжалланган бюджетнинг 19,6 фоизини олиши мумкин, деб  хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Бу Россиянинг кейинги йил учун федерал бюджети лойиҳаси ҳужжатларида кўрсатилган. Қайд этилишича, Мудофаа вазирлиги харажатлари ялпи ички маҳсулотдан 4 фоизни ташкил қилади.

2016 йилда 2015 йилга нисбатан 25,5 млрд рублга кўпроқ маблағ ажратилиши Мудофаа вазирлиги объектларига “бюджет инвестициялари ҳажмининг 48,8 млрд рублга камайиши” ва россиялик ҳарбий хизматчиларга  мукофот пулларининг 40 млрд рублга оширилиши билан изоҳланмоқда. 

2016 йилда “Миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот фаолиятига” ажратиладиган маблағлар ҳажми 2,02 трлн рублни, яъни бюджетнинг 12,4 фоизини ташкил қилади.

Ўз навбатида, Россия таълимни ривожлантириш дастурини 9,4 фоизга, яъни 404,89 млрд рублгача камайтирмоқчи, шунингдек, ўқитувчи ва шифокорларга маошлар учун режалаштирилгандан 33,3 млрд рубль камроқ маблағ ажратилади.