Беш нафар америкаликнинг умумий маблағи бир кун ичида жами 10 миллиард долларга ортди. USA Today газетасида маълум қилинишича, улар биржадаги котировкаларнинг бирданига ўсиб кетиши орқали бойликларини янада орттириб олишган.

Маълум қилинишича, маблағнинг катта қисми Amazon компанияси асосчиси ва эгаси Жефф Безос ҳиссасига тўғри келади. Унинг фирмаси акцияларининг биржадаги айланмаси 6,2 фоизга ўсиши натижасида унинг шахсий активлари 2,91 миллиард долларга қимматлашди.

Ундан кейинги ўринни Google компанияси асосчилари Лерри Пейж ва Сергей Брин эгаллади. 23 октябрь куни акцияларнинг қимматлашуви Пейжга 2,48 миллиард, Бринга 2,42 миллиард доллар фойда келтирган.

Билл Гейтс эса Microsoft компанияси акцияларининг айланмаси 10 фоизга ўсгани эвазига даромадларини 1,12 миллиард долларга орттириб олди.

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукербург шу куни 1,07 миллиард долларга бойиди.