WikiLeaks сайти Жулиан Ассанжнинг қайд этишича, Google сирли равишда АҚШ президентлиги учун Демократлар партиясидан ўз номзодини қўйган Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу ҳақда De Morgen нашри хабар тарқатди.

Ассанжнинг сўзларига кўра, Google компанияси директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидт Клинтон кампаниясини техник томондан қўллаб-қувватлаб турибди.

«Эрик Шмидт Барак Обама ва Ҳиллари Клинтон билан жуда яқин муносабатда. У сирли равишда Клинтоннинг президентликка номзодлик кампаниясига ёрдам бериб келмоқда. Хилларининг бу сирли қуролини фақат бир нечтагина одам билади, холос», дея таъкидлаб ўтган Ассанж телефон қўнғироги орқали.

Шунингдек, Ассанж, Google ва Facebook АҚШ миллий хавфсизлик хизматини зарур маълумотлар билан таъминлаб туришини ҳам қўшимча қилиб ўтган.