ИШИД террорчилик гуруҳи 24 октябрда Бангладеш пойтахти Даккада амалга оширилган учта портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, бундай маълумотни жангариларнинг интернетдаги фаолиятини мониторинг қилувчи SITE ташкилоти тақдим қилди.

Бангладешда содир этилган терактлар оқибатида 12 ёшли ўсмир ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жабрланди. Портлашлар Ашура кунини ўтказиш учун 25 мингга яқин одам тўпланган шиалар таълим марказида юз берди.

Қайд этилишича, портлашлар қўлбола портловчи қурилмалар ёрдамида амалга оширилган. Бундай қурилмадан 5 та бўлган, ундан учтаси портлаган.

Ашура куни шиа мусулмонлари Муҳаммад расулуллоҳнинг (с.а.в) набиралари ва куёвлари имом Алининг ўғли имом Ҳусайннинг хотирасини ёд этадиган мотам куни ҳисобланади. Имом Ҳусайн Карбала яқинида (ҳозирги Ироқнинг ҳудудида жойлашган) 680 йилда жангда ҳалок бўлган. Ашура (арабчадан “ашара” сўзи “ўн”ни билдиради) хижрий тақвим бўйича муҳаррам ойининг 10-кунига тўғри келади. Кучлар тенг бўлмаган жангда Имом Ҳусайн билан бирга унинг укаси Аббос ва яна 70 жангчи ҳалок бўлган.