Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг ўз турмуш ўртоғи Присцилла Чан билан биргаликда бепул хусусий мактаб очишмоқчи.

Қайд этилишича, бу мактабда 3 ёшдан ўқитиш бошланади. Уларга 12 ёшигача, яъни бу мактабдаги таълимни якунлагунларига қадар тиббий хизмат кўрсатилади.

2016 йилнинг августида очиладиган бу мактаб Калифорниянинг Ист Пало Альто шаҳрида фаолият кўрсатиши айтилган.

"Мен рафиқам Присцилла таълим ва тиббий хизматни ўзида бирлаштирган шундай мактаб очиш ғоясини ўйлаб топганидан хурсандман", — деб ёзади Цукерберг Facebook’даги саҳифасида.

Бу мактабга биринчи навбатда моддий жиҳатдан кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини қабул қилади. Баъзи ҳолатларда эса болалар ҳали туғилмасидан мактабга қабул қилинади, уларнинг оналари эса туғуруққача парвариш қилинади.

"Саломатлик ва таълим бир-бири билан узвий боғлиқ. Агар бола бетоб бўлса, таълим олиши қийинлашади. Ҳар куни бутун мамлакат бўйлаб мактабларда кўплаб болалар ва муаллимлар ёмон саломатлик оқибатларига тўқнаш келмоқда", — дея қўшимча қилди Цукерберг.

2014 йилнинг майида у ўз рафиқаси билан бирга Сан-Франциско шаҳри ва унинг атрофидаги мактабларни қўллаб-қувватлаш учун ўз маблағлари ҳисобидан 120 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилган эди.

2012 йилда Цукерберг ва рафиқаси The Chronicle of Philanthropy нашри томонидан тузилган "Йилнинг энг ҳимматли кишилари" рейтингида иккинчи ўринда қайд этилишганди.

Цукербергнинг бойлиги 26,7 миллиард долларга баҳоланади. У 2012 йилда Silicon Valley Community Foundation жамғармасига таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ривожи учун 500 миллион доллар маблағни хайрия қилганди.

2 йил олдин у Startup: Education жамғармаси тузилиши учун 100 млн доллар ажратганди. Бу жамғарма маблағлари мактаблар учун йўналтирилади.

Цукерберг шу йилнинг июлида рафиқаси билан фарзанд кутишаётгани ҳақида маълум қилганди. Уларнинг оиласидаги янги меҳмон қиз бола бўлиши кутилмоқда.