АҚШ ва унинг иттифоқчилари Сурия президенти Башар Асад ўрнига унга қарши курашаётган кучлар орасидан террорчиликка алоқаси бўлмаган бирорта номзод топа олмади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков британ телеканалларидан бирида берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Афсуски, бизнинг ҳамкорлар айни пайтгача террор, экстремистик ташкилотлар, ИШИД, “Ал-Қоида” ва бошқа террорчилик гуруҳлари билан умуман алоқаси бўлмаган бирорта жиддий муҳолифат топа олмади”, деб айтди Песков.

Песковнинг айтишича, Сурия армияси террорчилардан бой берилган ҳудудларни қайтариб олишига умид бор. “Америкаликлар бошчилигидаги коалиция бир йилдан бери бомбардимон қилишни давом эттирмоқда..., натижа эса Суриянинг учдан икки қисми ИШИД томонидан босиб олинганидан иборат бўлмоқда. Афсуски, вазият яхшиланиш ўрнига ёмонлашиш томонга қараб кетди”, деб таъкидлаб ўтди Песков.

Песковнинг айтишича, шунинг учун Россия Қуролли кучлари Сурия ҳукумат кучларига кўмак беришни бошлади. “Ҳозирда аниқ натижалар ҳақида гапиришга эрта, бироқ биз Сурия армиясининг муваффақиятли ҳужумларининг илк аломатларини кўрмоқдамиз. Ва шунинг учун Сурия армияси ўзининг ерини террорчилар ва экстремистлардан метр-метрлаб, километрлаб қайтариб олишига умид бор”, деб қўшимча қилди Песков.