АҚШнинг Индиана университети олимлари ҳомиладор бўлиш ойи ва туғиладиган боланинг саломатлиги ўртасида ўзаро алоқа борлигини аниқлашди. Олимларнинг таъкидлашича, декабрда ҳомиладор бўлган аёллардан энг соғлом болалар туғилар экан.

Июнда ҳомиладор бўлган аёллардан туғилган болалар эса, аксинча, бошқа ойларда туғилган болалардан кўра кўпроқ саломатлигида муаммоларга дуч келиши мумкин. Тадқиқот натижалари Аnnual meeting of the American Society for Reproductive Medicine in Baltimore анжуманида тақдим қилинди. 

Олимлар 2004-2009 йиллар мобайнида дунёга келган 270 минг боланинг туғилишидаги саломатлигини таҳлил қилишди. Тадқиқот натижаларига кўра, боланинг ҳомила бўлиши ойи билан унинг туғилишидаги саломатлиги ўртасида алоқа борлиги аниқланди. Олимлар декабрь ҳомиладор бўлиш учун энг яхши, июнь эса энг ёмон вақт деб тавсия қилишмоқда.

Олимлар аниқланган қонуниятни қуйидагича тушунтиришмоқда: июнда одамлар қиш ойларига кўра кўпроқ сабзавот ва мевалар истеъмол қилишади. Бироқ сабзавотлар ижобий натижа кўрсатиш ўрнига, аксинча, саломатликка салбий таъсир кўрсатади, чунки организмни пестицидлар билан заҳарлайди. Айнан шу ҳолат ҳомиладор аёлларнинг саломатлигига ва натижада болага ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аксинча, агар аёл декабрда ҳомиладор бўлса, унда унинг фарзанди кейинги йилнинг ёз охири-куз бошида дунёга келади. Бу эса ҳомиладорликнинг охирги кунлари она қуёш нурларидан кўпроқ D витамини олишини англатади. D витамини баъзи туғма касалликларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб, туғилажак боланинг саломатлигига яхши таъсир кўрсатади. Бироқ бундай тушунтириш фақатгина тахминдир, чунки олимлар олинган натижаларни ҳали аниқ асослай олишмади.