Ўзбекистонлик чегарачилар кейинги бир неча кун ичида Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган юк поездларини текшириш чоғида 2та йирик гиёҳванд моддалар партиясини қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik нашри ўз манбасига асосланиб, хабар берган.

"22 октябрь куни чегарачилар "Бекобод" ўтказув пунктида №2003 рақамли "Хўжанд-Арис" юк поездини, 24 октябрь куни №3001 рақамли "Хўжанд-Жем" юк поездини текширишганида номаълум моддаларни аниқлашди. Кейинчалик бу моддалар 16 кг гашиш ва 7 кг миқдоридаги героин моддалари бўлиб чиқди", дейилади хабарда.

Манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу ҳолат бўйича жиноий иш очишган ва текширув ишлари олиб боришмоқда.