Пентагон асирларни озод қилиш бўйича операциялар сонини кўпайтирмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер маълум қилди. Унинг айтишича, бундай операциялар катта миқдордаги разведка маълумотларини олиш манбаи ҳисобланади.

Аввалроқ Ироқда асирларни озод қилиш бўйича операция пайтида америкалик ҳарбий ўлдирилгани маълум қилинганди. CNN телеканали маълумотларига кўра, бу ҳарбий ИШИДга қарши курашда ҳалок бўлган биринчи америкалик ҳарбий ҳисобланади.

Операция давомида 70 нафар асир озод этилди. Манбалар маълумотларига кўра, операцияда АҚШ ҳарбийларидан ташқари, курдлар ва Ироқ аскарлари ҳам иштирок этган. Операция Ироқ шимолидаги Хўйжа шаҳрида ўтказилган.