Песков Суриядаги террорчилик муаммосини фақатгина ИШИДга тақашни соддалик деб атади

Жаҳон 24 Октябрь 2015 4149

Россия президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Суриядаги террорчилик муаммосини фақатгина ИШИДга тақашни соддалик деб айтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Песковнинг айтишича, Сурияда ИШИДдан бошқа кўплаб хавфли террорчилик гуруҳлари ҳам мавжуд. Песков бу ҳақда британ телеканалларидан биридаги Hard Talk кўрсатуви эфирида айтиб ўтди.

“Фақатгина ИШИД ҳақида гапириш жуда содда ёндашувдир. Яна ўнлаб ва ўнлаб жуда хавфли гуруҳлар мавжуд. Агар сиз ИШИДни бомбардимон қилмаётган бўлсангиз, сиз нотўғри қилаяпсиз, дейиш мантиқсизликдир”, деб айтди Песков.

Песковнинг таъкидлашича, “Сурияда террорчилик ва қўпорувчилик гуруҳлари қоришмаси мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси Сурия армиясига қарши курашмоқда”. Унинг айтишича, “террорчилик гуруҳларига қарши курашиш учун Сурия армиясини қўллаб-қувватлаш лозим”.

Песковнинг қайд қилишича, Сурия президенти Башар Асад билан музокаралар ўтказиш Суриядаги исталган сиёсий ечимнинг зарурий шарти ҳисобланади. “Биз Дамашқ қўлдан бой берилиши хавфи турганда, сиёсий ечим ҳақида гаплаша олмаймиз”, деб қўшимча қилди Песков.

Кўпроқ янгиликлар