Ўзбекистонда бирданига иккита Ўзбекистон-Польша қўшма корхонаси очиш режалаштирилмоқда. Улардан бири деярли ташкил этиб бўлинган ҳамда йўлларни таъмирлаш билан шуғулланади, иккинчиси эса тоғ-кончилиги соҳасида фаолият олиб боради. Бу ҳақда Польшанинг Тошкентдаги элчихонаси савдо ва инвестицияларга кўмак бериш бўлимидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри маълум қилди.  

“Тегишли ҳужжатлар имзоланган ва йўлларни таъмирлаш корхонасининг устав капитали шакллантирилди. Ҳозир технологик линия ва янги ускуналар олиб келиниши кутилмоқда. Балки йил охиригача қўшма корхона тузилган шартномалар асосида аниқ буюртмаларни бажаришни бошлашга улгуриши мумкин”, деб таъкидлаб ўтди манба.       

Дипломатнинг фикрича, Ўзбекистонда иккита қўшма корхонанинг очилиши Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасига ижобий таъсир кўрсатиши керак. 2015 йилнинг дастлабки 8 ойи якунларига кўра икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга камайиб кетган. Польшада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга экспорти деярли 25 фоизга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Польшага экспорти эса 17 фоизга камайиб кетган.