S7 (“Сибирь”) авиакомпанияси бош директори ва акционери “Трансаэро”нинг хусусий кредиторлари билан компанияни сақлаб қолиш режаси бўйича келишиб олди.

Авиакомпания ҳозирда банкротлик ёқасида турибди. S7 банкларга “Трансаэро”нинг қарзи эвазига янги бирлашган компаниянинг 49 фоизини таклиф қилмоқда. Бу компанияга S7, “Глобус” (S7 га киради) ва “Трансаэро” авиакомпаниялари киради. Бу ҳақда РБК нашри S7 гуруҳи эгаларидан бири Наталия Филевага иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Филеванинг айтишича, кредлиторлар 49 фоиз акцияни “Трансаэро”нинг қарзидаги улушга мос равишда бўлишиб оладилар. S7 акционерларининг баҳолашича, компанияларнинг бир ташувчига бирлашиши йилига қўшимча 5 млрд рубль соф пул оқимини жалб қилишга имкон беради.

Филеванинг таъкидлашича, авиакомпанияни сақлаб қолиш бўйича ушбу режага Новикомбанк, МФК банки, Абсолют-банк, Москва саноат банки, Москва кредит банки ва БФА банки розилик берган.

Бироқ давлат банклари, улар орасида Сбербанк ва ВТБ ҳам бор, ўз жавобларини ҳали беришмаган. Альфа-банкнинг ҳам муносабати ҳозирча ноаниқ.

26 октябрда “Трансаэро”нинг лицензиясини чақиртириб олиш бўйича буйруқнинг амалга оширилиши муддати тугайди.

“Трансаэро”ни сотиб олмоқчи бўлаётган S7 акционери Владислав Филев компаниянинг рухсатномаси сақланиб қолиниши муҳимлигини айтмоқда. Унинг айтишича, рухсатнома сақланиб қолган ҳолда “Трансаэро” ва S7 битта компанияга бирлаша олади.