Япония бош вазири Шиндзо Абе ўзининг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги саволларига жавоб берди.

- Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг кенгайиши ва чуқурлашиши йўлида Ўзбекистонга бўладиган ташрифингизнинг ўрни ва аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

- Орадан 9 йил ўтиб Япония бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи уюштирилаётганидан бағоят мамнунман. Ҳозирги ташрифим доирасида Президент Ислом Каримов билан илк учрашув чоғида сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларга оид кенг қамровли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ниятидаман.

Кўплаб японияликлар қадимдан Буюк ипак йўлининг муҳим стратегик бўғини ҳисобланган Ўзбекистон тарихи ва маданиятини ўрганишга кучли иштиёқ ва катта қизиқиш билдиришади. Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа навқирон шаҳарларнинг бетакрор гўзаллигига мафтун бўлганлар ҳам кам эмас.

Тошкент шаҳри марказида қурилишида япон фуқаролари иштирок этган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жойлашган. Менга маълумки, Президент Ислом Каримов ва бутун ўзбек халқи мазкур театрга катта ҳурмат билан қарайди.

Японияда турли жабҳаларда мамлакатингизга қизиқадиган ихлосмандлар сони жуда кўп. Мазкур ташрифим икки давлат ўртасида тарихий ва инсоний алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига умид қиламан.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутувчи йирик давлат ҳисобланади. Шу муносабат билан, мамлакатингиз билан нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш соҳасида, балки Марказий Осиё минқтақаси учун умумий бўлган транспорт, логистика, сув таъминоти, электр энергияси, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва давлат чегараларини назорат қилиш сингари жабҳаларда ҳам ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Мазкур соҳалар “Markaziy Osiyo Q Yaponiya” мулоқот механизми доирасида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим муҳокама мавзулари ҳисобланади.

- Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси ва истиқболлари ҳақида ўз қарашларингизни ўртоқлашсангиз. Япония компанияларининг Ўзбекистонда сармоявий лойиҳалардаги иштироки ҳақида ҳам фикр-мулоҳазаларингизни билишни истар эдик.

- Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида сиёсий жабҳада олий даражадаги ўзаро ташрифларни қамраб олувчи фаол сиёсий мулоқот кузатилмоқда. Умид қиламанки, мазкур ташрифим самараси сифатида икки мамлакат ўртасида сиёсат соҳасидаги ҳамкорлик олға мустаҳкамланади.

Савдо-иқтисодий соҳада, икки томонлама алоқалар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, сўнгги йилларда япон компаниялари турли шаклларда Ўзбекистон саноатини диверсификациялашга ҳисса қўшувчи лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Хусусан, автобус ва юк машиналари ҳамда кимёвий ўғитларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган заводлар, ахборот технологиялари ва бошқаларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Бироқ Ўзбекистоннинг етарли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд, деб ўйлайман. Мазкур ташрифим доирасида мен билан биргаликда кенг миқёсдаги иқтисодий делегация Тошкентга келмоқда. Умид қиламанки, мазкур делегация Япония компанияларининг Ўзбекистонда мувафаққиятли фаолият юритишига ҳамда япон технологиялари ва тажрибасинининг юртингиз тараққиётида ўз муносиб татбиғини топишига замин яратади.

Бундан ташқари, ҳозирда энергетика ва қишлоқ хўжалиги тизимларини модернизациялаш соҳаларида амалга оширилаётган иенали кредит лойиҳалари ёрдамида япон технологияларини қўллаш орқали юқори сифатли инфратузилмалар барпо этилмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш билан бирга Япония компаниялари томонидан янада кўпроқ сармояларни киритилишига хизмат қилади.

Тошкентдаги Ўзбек-япон марказида хусусий тадбиркорларни тайёрлаш дастури амалга оширилмоқда. Шунингдек, ёш давлат хизматчилари учун Японияда малака оширишни кўзда тутувчи ўқув дастурлари йўлга қўйилган.

Япония ҳукуматининг “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида берилаётган кўмаги Ўзбекистонда юқори баҳоланаётганидан мамнунман.

Маданий-гуманитар соҳага тўхталадиган бўлсак, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашинув ва дўстлик ришталари Ўзбекистонда япон тилини ўрганиш, теледастурлар билан алмашинув ҳамда анъанавий жанг санъати ва спортни ривожлантириш сингари соҳаларда кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали мустаҳкамланишига умид қиламан.