23 октябрда Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ва Туркманистонга биринчи марта расмий ташриф билан келган Япония бош вазири Синдзо Абэ ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида асосий эътибор икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларга қаратилди, деб хабар бермоқда Turkmenbusiness нашри.

Япония бош вазирига ташриф давомида 31 та япон компанияси вакиллари ҳамроҳлик қилди. Ташриф давомида кўплаб ҳужжатлар, жумладан хусусий компаниялар лойиҳалари бўйича ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Давлатлар нафақат табиий газ соҳасида, балки бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилишга умид билдиришмоқда.      

Ҳозирда япон компаниялари Туркманистон билан Болқон вилоятининг Қиёнли посёлкасида полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарувчи газ-кимё мажмуаси ва Ўвадандепе посёлкасида газ қайта ишлаш заводи қурилишини амалга оширмоқдалар.

Музокаралар якунига кўра 10 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Икки давлат етакчиси қатнашиши режалаштирилган туркман-япон бизнес анжуманида ҳамкорлик ҳақида яна бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниши мўлжалланган.