Россия телевидениесининг Биринчи каналида эфирга узатиладиган машҳур “Поле Чудес” (“Мўъжизалар майдони”) телевизион ўйини ўзининг чорак асрлик – 25 йиллик юбилейини нишонлади.

Бу давр ичида кўрсатув томошабинларнинг қизиқишини муқаррар ушлаб турибди. Капитал-шоуда чорак аср ичида деярли ҳеч нарса ўзгармади: ўша барабан, ўша қоидалар, ўша лоторея. Телетанқидчиларнинг фикрича, “Поле чудес” кўрсатуви ҳақиқатда ўзига хос ҳодисадир.

Кўрсатув бошловчиси Леонид Якубович кўрсатувнинг узоқ умр кўриши сири нимада эканлигини айта олмаслигини тан олди. “Бу саволга жавоб бериш қийин, бироқ шуни айта оламанки, собиқ иттифоқ пайтидаги кўрсатувлардан фақатгина биз ва КВНгина қолди”, деб айтмоқда “Лёня амаки”.

Якубовичнинг айтишича, “Поле чудес” унинг ҳаётининг каттагина қисмини ташкил қилади. “Мен ҳеч қачон ўзим олиб борадиган кўрсатувни телевидение орқали томоша қилмаган, чунки кўпчилик одамлар каби мен ҳам ўзимдан кўнглим тўлмайди. Менга ўзимнинг овозим оҳанги, хатти-ҳаракатларим ёқмайди ва энг асосийси мен такрорланишдан жуда қўрқаман, чунки дастурнинг сценарийси йўқ, ҳаммаси йўл-йўлакай ижод қилиниб кетаверилади”, деб айтди Якубович ТАСС агентлиги мухбирининг саволларига жавобан.

“Ягона нарса шуки, кўрсатув бошланишига 7 дақиқа қолганда мен кўрсатув иштирокчиларидан нима ҳақида гапирмаслигим, қандай мавзуларга тўхталмаслигим ҳақида сўраб оламан. Қолган барчаси эса 2,5 соатлик кулгу, ҳазил-мутойиба, хурсандчиликдан иборат ва оқибатда буларнинг барчаси 50 дақиқалик дастур кўринишига олиб келинади”, деб қўшимча қилиб ўтди “Барабанни айлантиринг” ва “Шундай ҳарф бор” деб айтишдан чарчамайдиган Якубович.