Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтган бокс бўйича XVIII жаҳон чемпионатида Бектемир Мелиқўзиев кумуш медаль ва 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган ХХХI ёзги Олимпиада йўлланмасини, Элшод Расулов эса бронза медалини қўлга киритди. Фарғонада ушбу спортчиларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон президенти раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси ёшларимиз халқаро миқёсда эришаётган улкан муваффақиятларда ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.

Фарғона вилояти ёшлари ҳам қитъа ва жаҳон миқёсида салмоқли натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Айниқса, Фарғона бокс мактаби вакилларининг эришаётган ютуқлари барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Бокс бўйича Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори Элшод Расулов, ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Ойбек Шарипов, Баҳодир Мамажонов сингари чарм қўлқоп усталарини бугун нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам яхши билишади.

Вазни 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида рингга чиққан Б.Мелиқўзиев кучли ва тезкор зарба, мукаммал техникага эга эканини намойиш этди. Дастлаб грузиялик Заал Квачатадзени биринчи раунддаёқ нокаутга учратган Бектемир кейинги жангларда франциялик Кристиан М'Билли Ассомо, чорак финалда россиялик Пётр Хамуков, ярим финалда ирландиялик Майкл О’Рейлли устидан ишончли ғалаба қозонди ва иккинчи ўринни эгаллади.

"Бу ғалабамда президентимизнинг ёшларга билдираётган катта ишончи, мураббийларнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши асосий омил бўлди. Келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиш, ватанимиз шарафини янада улуғлашни мақсад қилганман", – дейди Б.Мелиқўзиев.

Тажрибали боксчи Элшод Расулов вазни 81 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда венесуэлалик Алберт Рамирес, туркиялик Жем Карлидаг ва қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовни енгиб, жаҳон чемпионатининг бронза медали билан тақдирланди.

Спортчиларга эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.