Флоридада 20 йил ичида илк марта айиқ овлашга рухсат берилди

Жаҳон 25 Октябрь 2015 1730

25 октябрь куни АҚШнинг Флорида штатида кейинги 20 йил ичида айиқ овлашга рухсат берилди.

Тирик табиатни муҳофаза қилиш бўйича комиссия ов қилиш ҳуқуқига эга овчиларга жами 320та айиқни овлашга рухсат берган.

Ҳукумат вакилларининг айтишича, бундан мақсад ёввойи йиртқичларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишининг олдини олиш ҳисобланади.

Жониворлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар эса штат маъмурияти биринчи навбатда аҳоли турар жойларида чиқиндилар тўпланмаслигини назорат қилишни сўраб, шундай қилинса айиқлар аҳолига хавф туғдирмаслигини таъкидлашмоқда.

Айиқларни овлаш мавсуми бир ҳафтада (белгиланган 320та айиқ лимити тўлдирилгунича) якунланиши кутилмоқда.

Ўрнатилган қоидага кўра, овчи ўзи отган ўлжа ҳақида 12 соат ичида 33та махсус станциялардан бирига хабар бериши керак бўлади. Қоидадан четга чиққанларга нисбатан 50 доллардан 500 долларгача жарима, шунингдек 60 кунлик қамоқ жазоси қўлланиши айтилган.

Кўпроқ янгиликлар