Ливиядаги пляжларда 40 муҳожир жасади топилди. Муҳожирлар кетаётган қайиқ Ўрта Ер денгизида тўнкарилиб кетган. Бу ҳақда 24 октябрда ТАСС маълум қилди.

Ливиядаги Қизил яримой жамияти вакилининг айтишича, 27 нафар жасад 24 октябрда Триполидан шарқ томондаги Злитен шаҳри соҳилларида топилган. Қолган жасадлар Триполи ва Хомс шаҳарлари соҳиллари бўйлаб топилган.

Кўпчилик муҳожирлар Саҳрои Кабирдан жануб томондаги Африка давлатлари фуқаролари бўлган. Ҳозирда дастлабки маълумотларига кўра қайиқда бўлган яна 30 нафар кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан Европага ўтмоқчи бўлаётган ноқонуний муҳожирлар сони борган сари ошиб бормоқда. Турли маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида 300 мингдан кўпроқ одам Ўрта Ер денгизи орқали Европа Иттифоқи давлатларига ўтмоқчи бўлган. Улардан 2,5 минг нафари учун “хавфли саёҳат” фожиали якунланган.