Шиндзо Абэ ва Шавкат Мирзиёев реконструкциядан чиққан Алишер Навоий театрининг очилиш маросимида иштирок этишди

Ўзбекистон 25 Октябрь 2015 12432

Шу йил 25 октябрь куни реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг очилиш маросими бўлди. Маросимда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Шиндзо Абэ иштирок этди. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Театр биноси 1947 йилда барпо этилган бўлиб, у миллий меъморлик санъатимизнинг ғоят бетакрор ва гўзал намунаси, халқимизнинг бебаҳо маданий мулки саналади.

Томоша залига қадам қўйган кишининг деворларда сайқал топган тилларанг нақшлардан кўзи қамашади. 736 томошабинга мўлжалланган залда ўриндиқлар шу тарзда ўрнатилганки, унинг исталган бурчагидан спектаклни бемалол томоша қилиш имконияти мавжуд. Залдаги визуал, акустик эффектлар, энг замонавий ёритиш ва овоз ускуналари саҳнадаги ижродан тўла баҳра олиш имконини беради. Улкан қандил залга фусункор тус берса, ён-атрофдаги митти ёритгичларнинг шуъласи янада шинамлик ва кўрк бағишлайди.

Янгиланган саҳнанинг қуйи қисмида оркестр учун мўлжалланган махсус жой замонавий техник ускуналар ёрдамида кўтарилиб, саҳна билан баробар ҳолатга келиши концерт дастурларида, мусиқий тақдимотларда ижрочилар ва томошабинлар учун қулайлик яратади.

Реконструкция ишлари жараёнида машғулот ва репетиция заллари, гримхоналар билан бирга саҳна ортидаги рассом-декораторлар, бутафория усталари, гримчилар, муҳандислар, овоз режиссёрлари ва радистлар, техник-коммуникация мутахассислари, реквизиторлар, театр либослари дизайнерлари, тикув цехлари чеварлари, саҳна машинистлари ва қурувчилари, афиша дизайнерлари – барча-барча ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилган.

Истиқлол йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ижодий жамоалари билан ҳамкорликни ривожлантирди. АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Венесуэла каби давлатларнинг дирижёр, режиссёр ва хореографлари билан биргаликда кўплаб саҳна асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Жамоанинг япониялик ижодкорлар билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон опера ва балет усталарининг ижроси япон томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинган. Театр саҳнасида «Оққуш кўли», «Севильялик сартарош» каби спектакллар япон санъаткорлари билан биргаликда ижро этилгани, Кунчиқар мамлакатнинг «Тойота сити балет» труппаси юртимизда бўлиб, энг сара спектаклларини томошабинларга тақдим этгани санъат мухлисларига яхши маълум.

Кўпроқ янгиликлар