Volkswagen автомобилсозлик концернининг топ-менжерларидан бири Ханно Йелден чиқинди газлар кўрсаткичлари билан боғлиқ фирибгарлик можаросидан кейин ўз лавозимини тарк этган яна бир юқори лавозимли ходим бўлди. Бу ҳақда Bild am Sonntag нашри маълум қилди.

Ханно Йелден компанияда двигателлар яратиш департаменти раҳбари бўлиб ишлаган. Брауншвейг шаҳри прокуратураси унинг компаниядаги фаолиятини фирибгарлик эҳтимолига текширмоқда.

Компания ичидаги терговнинг кўрсатишича, Йелден зарарли чиқиндилар кўрсаткичларини пасайтириб кўрсатишга имкон берувчи дастурий таъминотнинг ўрнатилишига бевосита алоқадор бўлган.

Volkswagen атрофидаги можаро АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги сентябрда концернни дизель двигателли автомобилларга АҚШдаги қатъий экологик талабларни четлаб ўтишга имкон берувчи дастурий таъминотни ўрнатганини фош қилгандан кейин авж олиб кетди. Дастур двигатель синов стендида текширилганда максимал даражадаги экологик иш режимини ишга туширган ва оддий ҳолатларда уни ўчириб қўйган. Дастур синов пайтида атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли чиқиндилар миқдорини ўнлаб марта камроқ кўрсатишга имкон берган.

Ушбу воқеа шов-шувга айланиб кетиб, компания раҳбари Мартин Винтеркорннинг истеъфога чиқишига олиб келган. АҚШ ҳукумати компанияга 2009-2015 йилларда мамлакатда сотилган Volkswagen ва Audi русумидаги деярли 500 мингта автомобилни ортга чақиртириб олиш мажбуриятини қўйган ва компанияга 18 млрд долларлик жарима солиш билан таҳдид қилган. Германия ҳукумати ҳам компанияга шу каби талабларни ва 2,4 млн та машинани ортга қайтариб олиш мажбуриятини қўйган.