Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқарувчи мажмуа қурилиши лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этади.

Тегишли кредит келишуви Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланди.

Лойиҳага ажратиладиган инвестициялар умумий миқдори 961,74 млн долларга баҳоланмоқда. JBIC’дан ташқари лойиҳага Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт банки 320 млн доллар ва “Навоийазот” ўз шахсий маблағларини ажратади.

“Навоийазот” АЖ 2015 йил июнда Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан аммиак ва карбамид ишлаб чиқарувчи заводни бошидан охиригача (лойиҳалаштириш, харид, қуриш ва ишга тушириш) қуриб, ишга тушириш бўйича шартнома тузган эди. Шартномага кўра, аммиак ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири “Haldor Topsøe” (Дания) ва карбамид синтез қилувчи “Saipem” (Италия) ва гранулаштирувчи “Uhde Fertilizer Technology” (Нидерландия) корхоналари технологияларини қўллаган ҳолда йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарувчи мажмуа қуриш режалаштирилган.