Япония матбуотидаги етакчи нашрлардан бири Nikkei газетаси Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг 24-26 октябрь кунларида Ўзбекистонга уюштирган расмий ташрифига бағишланган мақола ёзди.

Мақолада бу кейинги 9 йил ичида Япония ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга уюштирган илк ташрифи экани қайд этиб ўтилган.

Хабарда айтилишича, бош вазир билан сафарга чиққан делегация таркибида савдо уйлари, банклар, инжиниринг компаниялари, ОЎЮ, хусусий ташкилотлар ва бошқа муассаслар вакилларидан иборат 50 киши ўрин олган.

Мақолада қайд этилишича, бу турнедан мақсад Япония компанияларининг Марказий Осиё минтақасида улкан заводлар қуриш ва янги лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат.

"Шиндзо Абэ ҳукумати япон компанияларининг хориждаги лойиҳаларда иштироки учун сарфланган маблағларни 3 баробарга оширишга кўрсатма берган. 2010 йилдаги 10 трлн иена (84 млрд доллар атрофида) 2020 йилгача 30 трлн иенагача (252 млрд доллар) оширилиши кўзда тутилган", дейилади хабарда.

Маълумот учун, Nikkei газетаси Япониядаги энг йирик ва обрўли нашрлардан бири ҳисобланади. 1876 йилдан бошлаб нашр қилиниши бошланган газета тиражи бугунги кунда 4,7 млнга етган.