Россиялик сиёсатчи Борис Немцовнинг қотиллигида айбланаётган чеченистонлик собиқ ҳарбий Заур Дадаев Россия президенти Владимир Путин номига ўзини Сурияга жанг қилиш учун юборишни сўраб йўллаган мактубига жавоб қайтирилди. Бу ҳақда "Росбалт" нашри ўз манбасига асосланиб, хабар берган.

Нашрда ёзилишича, Дадаевнинг хатини жазони ўташ муассасаси раҳбарияти Россия Тергов қўмитасига йўллаган, у ерда мурожаатдан нусха олинган ва ҳақиқий хат Россия президенти маъмуриятига етказилган. Путин маъмурияти эса мактубни жавоб тайёрлаш учун қайтиб Тергов қўмитасига йўллаган. 24 октябрь куни қайтарилган жавоб хатига кўра, Дадаевнинг илтимоси эътиборсиз қолдирилгани маълум бўлган.

Бир неча кун олдин Дадаев ўзининг айбсизлигини исботлаш мақсадида Сурияда ИШИДга қарши жанг қилмоқчилигини билдириб, Путинга хат ёзганди.

Унинг адвокати Шамсудин Цакаев маълум қилганидек, Дадаев Чеченистон президенти Рамзон Қодиров Сурияга жангчиларни юборишга тайёрлигини айтгандан кейин Путинга мурожаат қилишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, россиялик мухолифатчи Борис Немцов 28 февралда Москва марказида отиб кетилган. Бу қотилликда гумон қилиниб Дадаевдан бошқа яна 4 киши – Анзор Губашев, унинг укаси Шадид, Хамзат Бахаев ва Тамерлан Эскерханов ҳам қўлга олинган. Жиноятнинг ташкилотчилари ва буюртмачилари топилмаган.

Дадаев қўлга олингандан кейин айбига иқрор бўлувчи кўрсатмалар берган, бироқ кейинроқ бу кўрсатмаларни босим остида берганини айтиб, улардан воз кечган. Шу билан бирга у бир неча бор алибиси борлигини такрорлаган.