2015 йилнинг 9 ойида "Ўзавтойўл" ДАК томонидан 93,7 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди

Ўзбекистон 26 Октябрь 2015 2170

2015 йилнинг 22 октябрь куни компания бошқарувининг 2015 йил 9 ойлик якунлари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда компания тизимидаги ҳудудий бўлинмалар, соҳавий корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни бошқарув раиси А.Абдувалиев олиб борди. Бу ҳақда "Ўзавтойўл" ДАК матбуот хизмати хабар қилган.

Йиғилишда таъкидланишича, 2015 йилнинг 9 ойи давомида умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида тизим корхоналари томонидан жами 1038,8 млрд. сўмлик йўл қурилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилган бўлиб, бу ўтган 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 132,4 фоиз ўсишни кўрсатади.

Инвестиция дастурига мувофиқ 2015 йилда 141,6 км узунликдаги умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Тузилган шартнома ва тасдиқланган режага мувофиқ I ярим йиллик якунлари бўйича 375,6 млрд. сўмлик йўл ишлари бажарилиб, 93,7 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди.

Халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳамда шаҳар кўчаларида "Ўзавтойўл" компанияси корхона ва ташкилотлари томонидан йўлларни мукаммал таъмирлашда 135,6 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиб, 63,3 км узунликдаги умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари таъмирланди.

42654 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича 2015 йилнинг 9 ойида 431,7 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди.

Ҳисобот даври мобайнида тизим корхона ва ташкилотларида 205 та янги иш ўринлари яратилди.

Кўпроқ янгиликлар