Афғонистонда содир бўлган зилзила натижасида мактаб ўқувчиларини эвакуация қилиш вақтида 12 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлди ва 35 нафари жароҳатланди. Reuters берган ахборотга кўра, уларни мактаб биносидан эвакуация қилишга уринишлар самарасиз якунланган.

«Биз 50 нафарча жароҳатланганларни қабул қилишга улгурдик. Бизга доимий равишда жароҳатланганлар олиб келинмоқда. Уларнинг аксар қисми биноларнинг қулаб тушиши натижасида жабр кўришган», — дея Покистоннинг Пешовар вилоятидаги касалхона ходимидан иқтибос келтиради агентлик.

Dawn нашрининг ёзишича, зилзила натижасида Афғонистон ва Покистонда ҳалок бўлганлар сони 52 нафарга етган. Нашрнинг ёзишича, зилзила эпицентр Кобулнинг шимолий-шарқидан 254 километр узоқликда Ҳиндукуш тоғи атрофида бўлган. Покистон метеорология хизматининг қайд қилишича, зилзила магнитудаси 8,1 баллни ташкил қилган.

Мамлакат бош вазири Навоз Шариф барча тезкор хизматларни мазкур фалокатдан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун йўналтирган.