Microsoft компаниясининг асосчиларидан бири, дунёнинг энг бадавлат инсони Билл Гейтс, Viking Global Investors, Horizons Ventures компаниялари ва бошқа инвесторлар Impossible Foods компаниясининг сунъий гўшт ва пишлоқ ишлаб чиқариш лойиҳасига 108 млн доллар сармоя ажратишди.

Impossible Foods компанияси ўсимликлар негизида янги авлоддаги сунъий гўшт ва пишлоқларни яратиш билан шуғулланади.

“Биз гўшт, пишлоқ истеъмол қилишни хуш кўрамиз. Минглаб йиллар давомида биз уларни олишда жонзотларга таянганмиз. Impossible Foods энг яхши йўлни топди. Биз сиз қачондир истеъмол қилган энг яхши гўшт ва пишлоқларни яратиш учун ўсимликлардан фойдаланамиз”, деб қаршилайди фойдаланувчиларни Стэнфорд университетининг собиқ биокимё профессори Патрик Браун томонидан яратилган компания сайти.

Компания 4 йилдан бери фақатгина ўсимлик компонентларидан яратиладиган сунъий гўшт ва пишлоқлар устида иш олиб бормоқда.    

Компаниянинг ушбу лойиҳаси нафақат мазали, балки холестерол, гормон ва антибиотиклардан холи бўлган фойдали егулик яратишга имкон беради. Бироқ энг муҳими, бундай егуликка сайёрамизнинг келажаги боғлиқ бўлиши мумкин.   

Компания гўшт ва сут маҳсулотлари яратиш учун кўкатлар, уруғлар ва бошоқли ўсимликлардан протеин ва биологик элементларни танлаб олиш учун ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотларни молекуляр даражада ўрганади.   

Билл Гейтс каби инвесторлар сайёрамиз бундай катта даражадаги чорвачилик ишлаб чиқарилишини узоқ вақт кўтара олмаслигини тушунмоқдалар. Инсонларнинг гўшт, сутли маҳсулотлар ва тухумларга бўлган боғлиқлиги муаммоси борган сари авж олиб боради. 

БМТ йирик фермерлик хўжаликлари бутун сайёрадаги автомобилсозлик корхоналари атроф-муҳитга чиқараётган иссиқхона газларидан кўпроқ миқдорда газ чиқариши ҳақидаги ҳисоботларни бир неча йиллардан бери чоп этиб келмоқда.

Озиқ-овқатлар ва қайта ишланган ерларнинг нооқилона ишлатилиши, кислотали ёмғирлар, қуриб бораётган денгизлар, ўрмонларнинг чопилиши, тупроқнинг кучсизланиши, бир сўз билан айтганда чорвачилик сайёрамизга улкан зиён келтирмоқда, деб айтмоқдалар мутахассислар.