Ўзбек тилига расмий мақом берилиши муносабати билан Ўзбекистон матбуотида тил муаммоларига бағишланган материаллар чоп этилишда давом этмоқда. Асосий мавзу бўлиб кўча ёзувлари, эълонлар ва пешлавҳаларда йўл қўйилаётган хатолар хизмат қилмоқда. “Даракчи”нинг навбатдаги сонида эълон қилинган мақола муаллифи айнан мана шуни нишонга олди.

Таъкидланишича, Тошкентнинг энг йирик бозорларидан бири бўлмиш Ўрикзорга турли томонлардан кириш жойларида унинг номи ҳар хил хатолар билан ёзилган: “Орикзор”, “Урикзор” ва ҳоказо. Бундан ташқари, пешлавҳалардан бирига “Haridingiz uchun Rahmat!” деб ёзиб қўйилган.

Андижондаги Бобур номли боққа киришда ўрнатилган пешлавҳада машҳур тарихий шахс ҳақида қисқача маълумот келтирилган бўлиб, газетадан ўрин олган фотосуратларда кўриниб турганидек, матнда 10дан ортиқ имловий хатога йўл қўйилган.

Бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси масъул котиби Эргаш Исматуллаев изоҳ берди.

“Ҳар битта туман ҳокимиятида давлат тили қонунини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлар мавжуд. Қонун бўйича ҳар бир корхона, у бозор, катта корхона ёки кичик корхона бўлишидан қатъий назар, бирор ёзув ёзадиган бўлса, унга жавоб берадиган биринчи шахс ўша корхона ёки ташкилотнинг раҳбари бўлади”, - деб таъкидлади у.

Бундан ташқари, у тил меъёрларини бузиш маъмурий жазога олиб келиши мумкинлигини таъкидлади: “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддасига асосан давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан жарима солишга сабаб бўлади”.

Элдор Асанов тайёрлади