Япониянинг миллий нефть, газ ва металл корпорацияси (JOGMEC) ва “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Ўзбекистоннинг истиқболли ҳудудларида углеводород хом ашёси бўйича геологик разведка ишларини олиб бориш бўйича шартнома имзолашди. Бу ҳақда РИА Новости холдинг вакилига таянган ҳолда маълумот бермоқда.

Хабарномада таъкидланишича, ҳужжатга кўра Япония корпорацияси кейинги йилнинг биринчи чораги охирига қадар кўрсатилган майдонларни ўрганиб чиқиб, улар бўйича таклифлар ишлаб чиқади. 2016 йил ёзига қадар JOGMEC дастурни таклиф қилиб, шу асосда лицензия олиши мумкин бўлади.

Келишув Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Ўзбекистонга 24-26 октябрь кунларидаги ташрифи чоғида имзоланди.