2015 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 10,114 трлн сўмни, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 116,7 фоизни ташкил этди.

Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати ҳисоботида ёзилишича, тармоқнинг республика саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 16,3 фоизга етган. 2014 йилда бу кўрсаткич 15,1 фоизни ташкил қилганди.

Ҳисобот даврида, ўтган йилга нисбатан, шакар саноати корхоналари томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми – 1,5 мартага, балиқчилик саноатида – 14,0 фоизга, гўшт-сут саноатида – 12,5 фоизга, мева-сабзавот саноатида – 4,2 флизга, ликёр ва ароқ маҳсулотлари саноатида – 4,0 фоизга, виносозлик саноатида – 3,3 фоизга, ёғ-мой саноатида – 1,2 фоизга ошди.

2014 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан, тармоқдаги йирик саноат корхоналари томонидан истеъмол молларининг қуйидаги турлари бўйича ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан ошди, жумладан гўшт консервалари – 6,4 мартага, гўшт ва ўсимлик консервалари – 1,6 мартага, болалар овқатланиши учун қуруқ сут аралашмалари – 1,6 мартага, шинни (меласса) – 1,6 мартага, шакар – 41,3 фоизга, чой – 35,6 фоизга, маргарин ва спредлар – 47,2 фоизга, сариёғ – 11,4 фоизга, янги сўйилган ва совутилган гўшт – 8,5 фоизга, ишлов берилган суюқ сут – 11,0 фоизга, буғдой нони – 9,2 фоизга, узоқ сақланмайдиган бошқа нон маҳсулотлари – 14,9 фоизга, шинни, мармелад – 2,2 мартага ошган.

Шунингдек, ўтган йилга нисбатан, пиво (104,6 фоиз), десерт узум винолари (109,4 фоиз), спирт настойкалари (113,1 фоиз) ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошди.

Ҳудудлар кесимида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми Тошкент шаҳри (тармоқнинг умумий ҳажмидаги улуши 24,3 фоиз), Тошкент (20,8 фоиз) ва Самарқанд (13,3 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусий тадбиркорлик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 2014 йилнинг 9 ойидагига нисбатан 13,2 фоизга ўсди. Натижада уларнинг жами тармоқдаги улуши 63,2 фоизни ташкил этди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, шу йилнинг 9 ойи давомида республикада 1135та озиқ-овқат саноати корхоналари ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги вақтда республикада тармоқнинг 8424та корхонаси фаолият кўрсатмоқда.