Польшада 25 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида “Ҳуқуқ ва адолат” консерватив партияси яққол ғалаба қозонган.

Бу ҳақда IPSOS компанияси ўтказган экзит-полл натижаларида маълум қилинган. Улар бу ҳақдага маълумотларни Варшавада сайлов участкалари ёпилгандан кейиноқ эълон қилган.

Польшаликлар парламент қуйи палатаси – сеймга 460 нафар депутат ва юқори палатасига 100 нафар сенаторни сайлашган. Сейм депутатлари партия рўйхати бўйича, сенаторлар эса бир мандатли округлар бўйича сайланади.

Сўров натижаларига кўра, Ярослав Качиньский раҳбарлигидаги Польшанинг евроҳудудга киришига қарши бўлган “Ҳуқуқ ва адолат” партияси учун 39,1 фоиз овоз берилган, кейинги ўриндаги бош вазир Копач бошчилигидаги “Фуқаро платформаси” либерал партияси 23,4 фоиз овоз олган.

Учинчи ўринда Павл Кукиз бошчилигидаги рок мусиқачиларининг Kukiz'15 партиясига сайловчиларнинг 9 фоизи овоз берган.

Сеймга шунингдек, “Замонавий Польша” — 7,1 фоиз, Польша деҳқонлар партияси 5,2 фоиз овоз олиб киришга муваффақ бўлган. Қолган партиялар эса етарли воз йиға олмагани боис парламентга кира олмаган.

Қайд этиш керакки, Качинский Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ҳаммаслаги ҳисобланади. У Яқин Шарқдан келувчи муҳожирлар Европа маданиятига катта хавф солмоқда, деган фикрда. Бироз олдинроқ, маҳаллий матбуотда уни ирқчиликни авж олдиришда айблаб чиқишганди. Бунга у қочқинлар томонидан Польшага янги касалликлар кириб келаётгани борасидаги тахмини билан чиққани сабаб бўлган.

25 октябрь куни Польша шимолидаги сайлов участкасида ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди.