26 октябрда Япония бош вазири Шиндзо Абэ Қирғизистонга расмий ташриф билан келди. Абэнинг ташрифи якунларига кўра Қирғизистон ва Япония ўртасида бир қатор келишувлар имзоланди.

Қайд этилишича, икки давлат ўртасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди: Қирғизистон ва Япония ўртасида ҳамфикрлик ва ҳамкорлик ҳақидаги қўшма баёнот; “Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини яхшилаш” лойиҳаси бўйича ҳукуматлараро айирбошлаш ноталари, Қирғизистон ҳукумати ва Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасидаги грант келишуви, Қирғизистон ҳукумати ва Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида “Манас” халқаро аэропорти жиҳозланишини яхшилаш” лойиҳаси бўйича айирбошлаш ноталари ва грант келишуви.

Шунингдек, Қирғизистон молиявий разведка хизмати ва Япония жамоат хавфсизлиги миллий комиссияси ҳузуридаги Молиявий разведка маркази билан жиноий даромадларни ювиш ва террорчиликни молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар алмашиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳақидаги баёнот имзоланди. Япониянинг “IHI Star” корпорацияси билан иккита: “Айил Банк” билан ҳамкорлик ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги билан ҳамфикрлилик ҳақида иккита меморандум маъқулланди.