Жорий йилнинг 23 октябрь куни Республика Киночилар уйи ҳамда Алишер Навоий номли кино саройида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ватан» киностудиясида суратга олинган «Ажал жодуси» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Фильмда бутун дунёда жиддий муаммога айланган ноқонуний миграция ва унинг оқибатида юзага келадиган муаммолар – қонунни четлаб ўтган ҳолда, хорижий мамлакатга бориб, ноқонуний меҳнат муҳожирига айланган шахсларнинг машаққатли меҳнати, ҳуқуқсизликдаги оғир ҳаёти ва баъзан аянчли тугаётган қисмати ҳақида ҳаётий мисоллар асосида, таъсирчан йўсинда ҳикоя қилинади, дейилади хабарда.

«Фильмимизда кўрсатилган баъзи бир ҳолатлар доимо экранда қолиб кетсин, сиз ва бизнинг орамизда бундай нохушликлар юз бермасин. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини сақлаб келаётган посбонларимиз, ҳарбийларимиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига миннатдорчилигимни билдираман», дейди постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов.

«Ажал жодуси» бадиий фильмини 24 октябрдан эътиборан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги кинотеарларда томоша қилишингиз мумкин. Маълумот учун, 2015 йил давомида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган «Новда» (режиссёр Зулфиқор Мусоқов), «Сотқин» (Рустам Саъдиев), «Дилор, дилор... дил ва ор» (Шуҳрат Аббосов ва Нозим Аббосов), «Ҳаётда...» (Ёлқин Тўйчиев), «Шунқорлар» (Умид Ҳамдамов), «Болалик синовлари» (Ҳамидулла Ҳасанов), «Баракасини берсин» (Фарҳод Худойбердиев), “Балли Камолиддин!” (Элёр Ҳошимов) фильмлари тақдимоти бўлиб ўтди. Айни вақтда давлат буюртмаси асосида «Барон» (режиссёр Рустам Саъдиев), «Ойқиз эртаги» (Акбар Бектурдиев), «Сўнгги пушаймон» (Нозим Жумаев), «Зурриёд» (Абдухалил Мигноров), «Маъсума» (Ёлқин Тўйчиев), «Кузнинг бир куни» (Зулфиқор Мусоқов), «Толиққан кўнгиллар ойга талпинар» (Собир Назармуҳамедов) фильмларини суратга олиш ишлари давом этмоқда.