Суарес "Барселона" сафидаги иштирокига 1 йил тўлган кунни хет-трик билан нишонлади

Спорт 26 Октябрь 2015 2387

Уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес "Барселона" сафида Испания чемпионатидаги иштирокига 1 йил тўлган кунни ажойиб ўйин билан нишонлади.

25 октябрь куни Ла лиганинг 9-турида "Барселона" клуби ўз майдонида "Эйбар"ни қабул қилди ва Луис Суареснинг учта голи ҳисобига рақибни мағлуб этди.

Қайд этиш керакки, 2014 йилнинг 11 июлида "Ливерпуль" ва "Барселона" ўртасида тузилган 5 йиллик шартномага кўра 81 млн евро эвазига Каталония клубига ўтганди. У жамоада Уругвай терма жамоасидаги каби "9" рақамини танлади.

ФИФА томонидан дисквалификация қилинган Суарес 2014-2015 йиллар мавсуми стартини ўтказиб юборишга мажбур бўлди ва унинг дебюти 2014 йилнинг 25 октябрь кунида, "Реал"га қарши Сантьяго Бернабеуда кечган баҳсда амалга ошди. Бу ўйинда у битта голли узатма амалга оширди, лекин жамоа 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.

У "Барселона"даги илк голини 2014 йилнинг 25 ноябрида, ЕЧЛ доирасида АПОЭЛга қарши ўтказилган баҳсда нишонлади. Суареснинг Испания чемпионатидаги илк голи эса 20 декабрь куни "Кордоба"га қарши ўйинда урилди.

У биринчи мавсумда "Барселона" сафида Ла Лигада 27та ўйин ўтказиб, 16та гол урди ва 17та голли узатма амалга оширганди. Жорий мавсумда эса Суарес 8та ўйинда 7та гол уриб, 3та голли узатма муаллифи бўлиб турибди.

Ўз фаолияти давомида "Насьональ" (2005-06), "Гронинген" (2006-07), "Аякс" (2007-2011) ва "Ливерпуль" (2011-14) каби жамоаларда ҳам тўп сурган, айни вақтда 28 ёшда бўлган бу ҳужумчи ҳақида футбол мутахассислари "у айнан "Барселона" учун туғилган" дейишмоқда.

Кўпроқ янгиликлар