Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида 25 октябрь куни Ўзбекистон ва Япония ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ иштирок этди.

Ислом Каримов Япония Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан эканини таъкидлади. Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини, мазкур бизнес-форум савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий-маданий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Шиндзо Абэ мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон – Япония иқтисодий муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантиришга оид битимлар каби кўплаб ҳужжатларга асосланади. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган ўнта қўшма корхона, ушбу мамлакатнинг ўн икки компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар транспорт, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, енгил саноат, экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, сармоявий лойиҳалар доирасида асбоб-ускуналар етказиб бериш каби йўналишларда иш олиб боради.

Япония ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури иқтисодий муносабатларда алоҳида ўрин тутади. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистонга қиймати 140 миллиард иендан зиёд кредитлар тақдим этилди, 22 миллиард иендан ортиқ беғараз ёрдам кўрсатилди, умумий қиймати 13 миллиард иендан зиёд техник ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди. 2014 йилда электр энергетикаси соҳасида Фарғона водийсида йирик иссиқлик электр станцияси қурилишини ўз ичига олган “Jupiter” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган ҳукуматлараро битим имзоланди.

Форумда Япония ишбилармонларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, соҳага сармоя киритишнинг истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, нефть-газ ва кимё соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Япония ишбилармонлари ҳамкорлигида турли соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, уларнинг ижроси ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритилди.

Бизнес-форумда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, энергетика, банк-молия, ахборот технологиялари, транспорт ва коммуникациялар, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишдаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Анжуманда Япониянинг йирик компанияларидан икки юздан зиёд вакил иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши нақадар катта эканидан далолатдир. “Isuzu Motors”, “Nippon Export and Investment Insurance”, “Dai Nippon Construction”, “Shimizu”, “Chiyoda”, “Mitsubishi”, “Marubeni”, “Toyota Tsushyo”, “Itochu”, “Fujifilm”, “Sakura Global Holding” каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини қайд этди.

Бизнес-форум якунида энергетика, нефть-газ, кимё, геология, банк-молия, тиббиёт, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Форум доирасида Япония компаниялари фаолиятига бағишланган ҳамда мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий соҳада амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар акс этган кўргазма ташкил этилди.